ИИВда 11 ойда қанча ходим коррупцион жиноятлар сабабли ишдан олингани аниқланди
Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Хотамов иштирокида 10 декабрь куни ўтказилган видеоселекторда тизимда ишлаб келган 70 нафардан ошиқ ходим ўртасида коррупциявий ҳолатлар аниқлангани айтиб ўтилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 11 ойи давомида коррупцион характерга эга ҳолатларга йўл қўйганлиги учун 23 нафар ходим ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган. Шунингдек, 11 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 40 нафарига эса интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Йиғилишда Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги ишларнинг аҳволи муҳокама қилинган.
Мавзуга доир:
Шунингдек, ушбу йиғилишда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан жиноят содир этилишини олдини олишга масъул бўлган мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланган. Келгусида коррупцион жиноятларга ҳамда бошқа салбий иллатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди, бу борадаги масалаларда раҳбарларнинг масъуллиги ва жавобгарлиги оширилган.
Аввалроқ Самарқандда банк ходимлари бюджетдан қанча маблағни ўзлаштиргани, Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилиши ва Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг рўйхати тузилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани хабар берилганди.