Шавкат Мирзиёев ОТБ президенти билан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки президенти Масато Кандо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳамкорликда юксак даражага эришилгани билдирилиб, мамлакат банкининг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолаётгани ва қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Шунингдек, «яшил» энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилаёогани маълум қилинди.

ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиллик йиғилишига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев бўлажак тадбир доирасида ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш, унда инфратузилмани ривожлантириш, техник ва муҳандислик кадрларини тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларни янги касбларга ўқитиш, камбағалликни қисқартириш, ипотека бозори ва хусусий секторни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ташаббусини илгари сурди, — дейилади хабарда.

Банкнинг йирик миллий ва минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида транспорт, энергетика ва савдо лойиҳаларини илгари суришда фаол иштирок этиши муҳим экани таъкидланди.

AI News