Сергелидаги уйларнинг деворида пайдо бўлган тешик юзасидан изоҳ берилди
Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида лифт ёнида тешик пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Сергели тумани, 3А — қурилиш майдонида ўрганишлар олиб борилганида иморатлардан бирининг лифт шахтаси девори тешилганлиги ва пенопласт билан сифатсиз қопланганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан, Ҳудудий назорат инспекцияси томонидан буюртмачи «O‘zshahar qurilish invest» корхонаси ва қурувчи ташкилот «Yangi zamon bino» маъсуллари чақиртирилиб, ҳудуддаги бинолар ўрганиб чиқилди. Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарнинг аниқ манзили йўқлиги боис лифт шахтасидаги девор ёриғи мавжуд бўлган бино аниқланмади. Аммо, шунга ўхшаш ҳолат 22 уйда аниқланди.
Хабарда айтилишича, лифт шахтаси икки қисмдан иборат бетонли блоклардан иборат, уларнинг бир-бирига уланиш оралиғига, сейсмика талабларига асосан, эластик пенопласт ўрнатилган. Шунингдек, бетон блокларини монтаж қилиш учун мўлжалланган илгаклар оралиғида ҳам тирқишлар мавжуд бўлиб, ушбу тешиклар ҳам пенопласт маҳсулоти билан беркитилган. Ташқи таъсир оқибатида ушбу тирқишга ўрнатилган пенопласт қопламаси кўчириб олинган. Бундан ташқари, лифт шахтасининг асосий юк кўтарувчи темир-бетон конструкцияларига зарар етмаган ва ҳозирда ушбу тирқиш қурувчи ташкилот томонидан таъмирланди.
Аввалроқ Сергели туманига 3 йил ичида 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келгани ва Сардобадаги талафотдан сўнг «Янги Тошкент» маҳалласида 130 та уй-жой қайта таъмирлангани маълум қилинганди.