Сардобадаги талафотдан сўнг «Янги Тошкент» маҳалласида 130 та уй-жой қайта таъмирланди

Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласида Сардоба сув омбори дамбасининг ўпирилиши оқибатида зарар кўрган 130 та бетон-панелли уй-жойлар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири вилоят ҳокимининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Aнвар Каримовга таяниб хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Янги Тошкент» маҳалласида таъмирдан чиқарилган 130 та уйда айни пайтда 200 дан ортиқ оила яшайди. Таъкидланишича, ҳар бир уйни таъмирлаш учун ўртача 223 миллион, умумий ҳисобда эса 29 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маҳалланинг барча кўчаларига Тошкент шаҳри туманлари номи берилган. Хусусан, саккизта кўча Юнусобод, Чилонзор, Учтепа, Сергели, Шайҳонтоҳур, Яшнобод, Яккасарой ва Миробод дея номланган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳудудда кутубхона, болалар майдончаси, спорт комплекси ҳамда маҳалла гузари қурилган. Ички йўллар таъмирланиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув таъминоти тикланган. Маҳалладаги 130 ўринли 5-мактабгача таълим муассасаси, 150 ўринли мактаб биноси ҳам қайта таъмирланган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, «Янги Тошкент» маҳалласида битта 50 ўринли тикувчилик цехи ташкил этилган. Корхона йилига 500 минг дона текстиль маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг 60 фоизи Россия, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Оқибатда Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳалокатнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасага жойлаштирилган.

Сув тошқинидан зарар кўрган Оқолтин тумани маҳаллаларидаги 700 га яқин уй-жойга июль ойидан аҳоли кўча бошлаган. Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида қуриб битказилган хонадонларни кўздан кечирган. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» маҳалласида сув тошқинидан талафот кўрган Мирзаобод ва Оқолтин туманида яшаган аҳоли учун 40 та 5 қаватли уй-жой қуриб битказилган.