Фоторепортаж: Сардобада 37 та кўп қаватли уй қуриб битказилди
Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилганидан буён ўтган даврда амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига келгани маълум қилинганди. Ташриф давомида Президент Сардоба туманидаги 1 минг 480 хонадонли кўп қаватли уйларни кўздан кечирди ва хонадонларнинг бирида бўлди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Давлат раҳбари 15 май куни Сардоба туманида бўлганида «Дўстлик» маҳалласида янги уйлар қурилишига тамал тоши қўйган эди. Қисқа вақтда бу ерда 1 минг 480 хонадонли 37 та турар жой қуриб битказилган. Президент Шавкат Мирзиёев бу галги ташрифи чоғида мазкур замонавий мавзени кўздан кечирган.
Уйлар беш қаватли бўлиб, икки ва уч хонали квартиралардан иборат. Турар жойларни қуришда энг энергиятежамкор материаллардан фойдаланилган. Янги мавзеда барча коммуникация тармоқлари мавжуд. Маҳалла гузари, болалар майдончалари қурилиб, ҳудуд ободонлаштирилган. Шунингдек, хонадонлар тайёр ҳолда, тошқиндан жабрланган оилаларга бепул топширилади. Олдин мазкур маҳаллада яшаган Бахтиёр ва Қимматхон Мирзаевлар оиласига ҳам уч хонали квартира ажратилган.
«6 ой олдин бунақа аҳвол эмасди, ҳовлида турардик. У қадар шароитимиз бўлмаган. Ҳозир эса бекам-у кўст хонадонга эга бўлдик, шукр. Бу уйга кўчиб ўтгунимизча оилам ижарада, ўзим тиббиёт ҳодими бўлганим учун мана шу қурилиш майдонидаги контейнерлардан бирида усталар билан яшаб турдим. Бир ёмонлик ортида бир яхшилик турали деганлари рост экан. Мана, янги уйимизга кўчиб ўтдик. Гўё катта шаҳарлардан бирига келиб қолгандекмиз. Биринчи меҳмонимиз — Президентимиз бўлди. Шу сабабли ҳам, тўғриси, ҳозир менинг ва оиламнинг ҳаяжони кучли», — дейди янги хонадон соҳиби Бахтиёр Мирзаев.
Шунингдек, ҳудудда ҳарбий хизматчилар томонидан 801 та объектда яъни, 715 та хонадон, 52 та кўп қаватли уйлар, 29 та тадбиркорлик субъектлари ва 5 та ижтимоий соҳа объектларида тозалаш ишлари олиб борилган.