Хоразмда 44 ёшли эркак ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди — видео

Хоразм вилояти Хазорасп туманида бир одам кўп қаватли бинодан ўзини ташламоқчи бўлгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ушбу ҳодиса юзасидан «Zamon» Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига таяниб маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, воқеа 23 январи куни соат 13:30 атрофида Хазорасп тумани тиббиёт бирлашмасида содир бўлган. Хазорасп туманида яшовчи 1977 йил туғилган шахс тиббиёт бирлашмаси томига чиққан. Ўзини томдан ташламоқчи бўлган шахс тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан пастга олиб тушилгандан кейин маълум бўлишича, у ўзининг хатти-ҳаракатларини англай олмайдиган даражада кучли маст ҳолатида бўлган.

Фуқаро оила аъзолари ҳамроҳлигида қўйиб юборилган. Ҳозирда Хазорасп ИИБ томонидан шахснинг хатти- ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарё вилоятида аёл болаларини сувга оқизиб юбормоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ширин шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот бериб, аёл ва унинг болалари Тошкент вилояти Бекобод туманида истиқомат қилиши айтилганди. Шунингдек, аёл воқеа тафсилотларини гапириб берган.