«Алишер Навоий» метро бекатида аёл жонига қасд қилиш учун ўзини поезд рельсига ташлади — видео

Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 28 декабрь куни 38 ёшли аёл ўзини темир йўлга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлгани акс этган видео тарқалди. «Замон» дастури мухбири ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ  ахборот-таҳлилий медиа маркази раҳбари Алишер Болтабаевдан изоҳ сўради.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Олинган маълумотга кўра, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган фуқаро Б.И. 1982 йилда туғилган. Айтилишича, аёл депрессия ҳолатида ўз жонига қасд қилиш мақсадида «Алишер Навоий» метро бекатидаги поезд рельсига ўзини ташлаган.

Ички ишлар ходимлари тезкорлик билан станцияга яқинлашиб келаётган поезд ҳайдовчисини огохлантирилган. Поезд фуқаро ётиб олган жойдан узоқроқда тўхтаган. Бу вақт оралиғида аёл милиция ходимлари ва йўловчилар томонидан хавфдан қутқариб қолинган. Аёлнинг бу ишга қўл уриш сабаблари  ҳозирча очиқланмаган.

Аввалроқ Бухорода 33 ёшли ҳамшира аёлни поезд босиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани хабар берилган.

Янгиликлар