Бухорода 33 ёшли ҳамшира аёлни поезд босиб кетди — видео

Бухоро вилояти Когон туманида 18 декабрь куни поезд темир йўлни кесиб ўтаётган номаълум аёлни босиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси навбатчилик қисмига шу куни соат 23:35 да Бухоро 1-темир йўл бекати навбатчиси телефон орқали мурожаат қилиб, минтақавий темир йўл узелига қарашли Бухоро 1-бекати 42-разъезд оралиғида 53-сонли Нукус–Бухоро–Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди номаълум аёл кишини уриб юборганлиги ҳақида хабар берган.

Тезкор гуруҳ томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида шу куни соат 23:18 да «Ўзбекистон» локомотив депосига қарашли 53-сонли йўловчи поезди Бухоро минтақавий темир йўл узелига қарашли йўлда ҳаракатланиб кетаётган вақтида 33 ёшли аёлни уриб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, 1987 йилда туғилган аёл 2 нафар фарзанднинг онаси бўлиб, Бухоро вилояти Когон туман касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлаган. У Когон туманида мунтазам истиқомат қилиб келган. Маълум бўлишича, аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Аввалроқ Наманганда темир йўлнинг ёритилмаган қисмида поезд «Лаcэтти»ни уриб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани хабар берилган.

Кейинчалик Бухорода поэзд «Nexia»ни босиб кетгани ҳамда Сирдарёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани «Gentra» босиб кетгани хабар қилинган.

Янгиликлар