Бухорода ИИБ хизмат машинаси ва «Nexia» иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида 1 декабрь куни Йўл патруль хизмати ходими бошқарувидаги «Lacetti» автомашинаси «Nexia» билан тўқнашиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2 декабрь куни ижтимоий тармоқда «ЙПХ автомашинаси ва ‘Nexia’ тўқнашди» сарлавҳаси остидаги хабар тарқалган.
Бошқарма маълумотларига кўра, 1 декабрь куни соат 11:35 да Бухоро вилояти Шофиркон тумани Мустақиллик кўчасида вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими бошқарувидаги «Lacetti» хизмат автомашинаси ҳамда ҳайдовчи 1988 йилда туғилган О.Ш. бошқарувида бўлган «Nexia» транспорт воситалари иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан масъуллар томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тўқнашув сабабларига аниқлик киритилмоқда. Тўқнашув натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда 3 та автомашина иштирокидаги ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Бухорода автомобилини кўздан кечираётган ҳайдовчини юк машинаси босиб кетгани ҳақида хабар берилган.