Самарқандда «Nexia» пастликка тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи вафот этди — видео
Самарқанд вилояти Булунғур туманида 9 ноябрь куни пастликка тушиб кетган «Nexia» ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 9 ноябрь куни тумандан ўтувчи 4Р-47 йўлининг 27-километрида содир бўлган. Маълум қилинишича, «Nexia» ҳайдовчиси тезликни оширгани сабабли йўлнинг ўнг томонидаги пастликка тушиб кетиб, ЙТҲ содир этган. Оқибатда ҳайдовчи туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган, лекин муолажаларга қарамай вафот этган.
Қайд этилишича, автомашина 2011 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, 2020 йил 21 сентябрда Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан қайта рўйхатдан ўтказилган. Aвтомашина ЙТҲ содир бўлгунга қадар техник соз ҳолатда бўлган. Ҳайдовчининг гувоҳномалари ва техник пасспортлари, барча ҳужжатлари мавжуд бўлган. Машина олган моддий зарардан сўнг жарима майдончасига олиб борилган.
Маълум қилинишича, ЙТҲ содир бўлган йўл 2019 йилда қайта таъмирланган, ёритиш чироқлари билан таъминланмаган, йўл чизиқлари 23-километргача чизилган, қолган қисмларини чизиш 2021 йил дастурига киритилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими тергов бўлими ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Косонсойда «Жигули» ҳайдовчиси трактор тиркамасига урилиши оқибатида вафот этгани, Риштонда «Nexia» ва скутер иштирокидаги ЙТҲ оқибатида скутер ҳайдовчиси вафот этгани ҳақида хабар берилганди.