Риштонда «Nexia» ва скутер иштирокидаги ЙТҲ оқибатида скутер ҳайдовчиси вафот этди

Фарғона вилояти Риштон туманида 20 октябрь куни «Nexia» ҳамда электрон скутер тўқнашиши оқибатида скутер ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Риштон туманида 20 октябрь куни фуқаро И.Ф. «Nexia» автомашинасини Дўтир қишлоғи ҳудудида бошқариб кетаётиб, «Gminda» электр скутерда қатнов қисмини кесиб ўтаётган М.Д.ни уриб юборган. Оқибатида скутер ҳайдовчиси М.Д. тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Марғилонда «Nexia» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар