Бухорода поeзд «Nexiа»ни босиб кетди — видео 

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида 29 ноябрь куни «Nexia» автомашинаси поeзд билан тўқнашиши оқибатида 2 нафар йўловчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, 29 ноябрь куни Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган «Бухоро нефтьни қайта ишлаш» заводи тасарруфидаги ички хўжалик автомобиль йўлининг Қоровулбозор разъездида «Nexia» автомашинаси поeзд темир йўлининг қатнов қисмига чиқиб кетган. Шундан сўнг ҳаракатланиб келаётган поeзд «Nexia» автомашинасининг чап томонига урилган. Оқибатда «Nexia» автомашина ҳайдовчиси ҳамда унинг шериги оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳодиса вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда ИИБ тергов бошқармаси тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан ўрганилган. Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса содир этилган темир йўл кесишмасига олиб борувчи ички хўжалик йўли қўриқланадиган ҳудуд бўлиб, транспорт воситаси ҳамда фуқароларнинг кириб чиқиши учун блог пост ташкил этилган.

Аввалроқ Сурхондарёда юк поезди босиб кетган «Matiz» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар