Сурхондарёда юк поезди босиб кетган «Matiz» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди — видео

Сурхондарё вилояти Музработ туманида 10 декабрь куни тепловоз темир йўл кесишмаси устида туриб олган «Matiz»ни босиб кетиши оқибатида машина ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа 10 декабрь куни Музработ тумани ат-Термизий маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-102 автомобиль йўлининг 43-километрида содир бўлган. Таъкидланишича, темир йўл кесишмаси тегишли йўл белгилари билан жиҳозланган бўлган. Шунингдек, юк поезди ҳам яқинлашиб келаётган бўлган, лекин ҳайдовчи буни эътиборга олмасдан ҳаракатланиб кесишма устида туриб қолган.

Тепловоз бошқарувчиси эса кесишмага чиқиб келаётган автомобилни кўрганидан сўнг огоҳлантирувчи сигнални босиб келгани шунингдек, яқин атрофда турган икки нафар бола ҳам «Matiz» ҳайдовчисини огоҳлантиришга урингани, аммо бунинг фойдаси бўлмаганини таъкидлади. Бунинг оқибатида ЙТҲ содир бўлган ва «Matiz» ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Хабарда айтилишича, тепловозга 5 та вагон уланган бўлган ва бу 5 та вагон билан 300 метрлар атрофидагина тўхтаб олиш мумкин эди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Музработ тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Ҳазораспда темир йўл релси ёнида маст эркакнинг ухлаб қолиши сабаб Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа тўхтаб қолгани ҳамда Фарғонада юк машинасининг йўловчи поездга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани ҳақда хабар қилинганди.