Сирдарёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани «Gentra» босиб кетди — видео

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида 20 декабрь куни Тошкент–Жиззах йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Е.А. бошқарувида бўлган «Gentra» машинаси йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, А-373 автомобиль йўлининг Оқолтин туманидан ўтувчи 8-километри оралиғида «Gentra» русумли машина пиёдани кўрмасдан уриб юборган. Оқибатда пиёда машинаниг ҳайдовчи томонидаги қисмига урилиб, бошидан тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Оқолтин тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси масъул ходимининг маълум қилишича, А-373 йўли 114-километригача бўлган масофаси корхона тасарруфида бўлиб, 8-километрида пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд эмас. Пиёда ўтиш мумкин бўлган жойда автомобиль йўлига чиқиб кетган. Бу йўл 2020 йилда мукаммал таъмирдан чиққан бўлиб, тўлиқ асфальт-бетон қопламасига эга, йўл ётиқ чизиқлари чизилган.

«Йўл транспорт ҳодисаси тунги вақтда маст фуқаронинг автомобиль йўлига чиқиб кетиши оқибатида содир бўлган. Ушбу ЙТҲдан келиб чиққан ҳолда биз пиёдалардан ва бошқа ҳаракат қатнашчиларидан қишки мавсумда об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтмаслигини сўраб қоламиз», — дейди вилоят ИИБ бўлим бошлиғи Ғайрат Абдуллаев.

Аввалроқ Самарқандда 3 та автомашина иштирокидаги ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда темир йўлнинг ёритилмаган қисмида поезд «Lacetti»ни уриб кетгани хабар қилинган.

Кейинчалик Самарқандда онаси намоз ўқиётган вақтда машинасини олиб қочган 14 ёшли бола ЙТҲ содир этиб, тенгдошини ўлдириб қўйгани ҳамда Бухорода поэзд «Nexia»ни босиб кетгани хабар қилинган.