Сурхондарёда йўлнинг қатнов қисмига кесакли тўсиқ қуйилгани сабаб ЙТҲ содир бўлди — видeo
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида 1 декабрь куни йўлнинг қатнов қисмига кесакли тўсиқ қўйилгани сабаб «Lacetti» ҳамда «Nexia» автомашиналари ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалининг «Bu kun» информацион дастури хабар берди.
Таъкидланишича, 1 декабрь куни соат 23:25 да Жарқўрғон туманининг М-41 йўлида ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Lacetti» ҳайдовчиси йўл ўртасидаги кесакли тўсиқни кўриб, машинасини тўхтатган. Натижада орқадан ҳаракатланиб келаётган «Nexia» автомобили «Lacetti» автомобилининг орқа томонига урилган.
Ушбу йўл транспорт ҳодисаси оқибатида «Nexia» автомашинасининг олд қисмида ўтирган йўловчи енгил тан жароҳати олган. Йўловчига тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда «Isuzu» юк машинасига урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада 4-синф ўқувчиси бошқарувидаги «Damas» уриб юборган қиз воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинган.