Жиззахда йўлнинг музлаши оқибатида содир бўлган ЙТҲларда 2 киши вафот этди — видeo

Жиззах вилоятида 18–19 ноябрь кунлари қор ёғиб, йўлнинг сирпанчиқ ҳолатга келганлиги сабабли Шароф Рашидов ҳамда Зомин туманларида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 18 ноябрь соат 16:30 да Зомин туманидан ўтувчи 4К-241 Зарбдор–Аччиқ–Қорамозор автомобиль йўлининг 9-километрида 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарвидаги «Nexia» қарама-қарши йўналишда келаётган, 2002 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Nexia-2» билан тўқнашган. Оқибатда «Nexia-2» машинасида йўловчи сифатида кетаётган, 1968 йилда туғилган йўловчи тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган. Ҳайдовчи эса тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, 20 ноябрь куни соат 7:30 да Шароф Рашидов туманидан ўтган А-376 Қўқон–Жиззах автомобиль йўлининг 286-километрида «Damas» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган «Камаз» билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатда 1969 йилда туғилган «Damas» ҳайдовчиси вафот этган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Ҳар иккала ҳайдовчининг бошқарувни йўқотишига 18–19 ноябрь куни ёғган қор натижасида юзага келган йўлнинг сирпанчиқ ҳолати сабаб бўлган.

Аввалроқ Навоийда бир нечта юк ва енгил автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Юнусободда «BMW» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида 8 та автомобиль шикастлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар