Самарқандда «Isuzu» юк машинасига урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди — видео

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 19 ноябрь, чоршанба куни Тошкент—Бухоро йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган «Isuzu» автомобили юк машинасига урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 19 ноябрь куни соат 15:00 да М-37 автомобиль йўлининг 24–25-километрида ҳаракатланиб кетаётган «Isuzu» тезликни меъёрдан ошириб, «MAN» русумли юк машинасининг орқа томонига урилган.

Оқибатда «Isuzu» ҳайдовчиси ва 2 нафар йўловчи оғир тан жароҳати олиб, Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай, йўловчилар касалхонада вафот этган.

«MAN» ҳайдовчиси Рустам Бекмуродовнинг сўзларига кўра, у Бухоро вилояти томон 20–25 километр/соат тезликда ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Шу пайт орқа томондан «Isuzu» келиб урилган ва ҳайдовчи воқеа жойида тўхтаб, жабрланувчиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган.

«Йўлнинг транспорт ҳодисаси содир этилган қисми 1-техник тоифага мансуб бўлиб, 4 та ҳаракатланиш бўлагига эга. Қарама-қарши ҳаракатланиб келувчи транспорт воситаларининг оқими БДО 5 тўсиқлари ёрдамида иккига ажратилган.

ЙТҲ йўлнинг режадаги тўғри қисмида, куннинг ёруғ вақтида аҳоли яшаш пунктидан ташқарида содир этилган бўлиб, йўлнинг ушбу қисмида кўриш масофаси чекланмаган. Йўл қопламасининг ҳолати қониқарли, қопламада бузилишлар, ҳаракатга салбий таъсир кўрсатувчи нотекисликлар мавжуд эмас. Йўлнинг камчиликларидан бири бу қисмда ётиқ чизиқлар чизилмаган», дейилади хабарда.

Aввалроқ Фарғонада 4-синф ўқувчиси бошқарувидаги «Damas» уриб юборган қиз воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Асакада қарздорлик сабаб чироқлари ўчирилган трассадаги ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.