Асакада қарздорлик сабаб чироқлари ўчирилган трассадаги ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлди (видeo)

Фарғона ҳалқа автомобиль йўли (Р-112)нинг Андижон вилояти Асака тумани «Юқори Бўз» маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида 6 ноябрь, жума куни соат 23:50 да содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Фуқаро М.А. бошқарувидаги «Жигули» автомобили қирғизистонлик ҳайдовчининг «МАN» юк автомобили билан тўқнашган. Оқибатда «Жигули»да бўлган уч киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Ҳозирда икки нафари Асака туманидаги шифохонада вафот этган, яна бирининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

«Ушбу йўл транспорт ҳодисасининг келиб чиқишига, аввало, ҳайдовчининг хавфли бурилиш жойида автомобиль бошқарувини йўқотиши, иккинчидан, тунги вақтда устунлардаги ёритиш чироқларининг ўчиқ бўлгани сабаб сифатида кўрсатилиши мумкин. Мазкур ҳолат бўйича ёритиш чироқларидан қарздорлик мавжуд бўлганини аниқладик. Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ёритиш чироқлари ўчириб қўйилган. Шу жойда ёритиш чироқлари ишлаб турганида, бундай оғир оқибатли ЙТҲ содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди», — дейди Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Саидолим Зингиров.

Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ вакили Фазлиддин Бурҳоновнинг таъкидлашича, автомобиль йўлида барча белгилар, чизиқлар, тўсиқлар меъёрларга мос, бироқ икки кун давомида устунлардаги чироқлар ишламаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ЙТҲ юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тергов органи томонидан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилади.

Аввалроқ Қамчиқ довонидаги йўлларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар