Булунғурда «Damas» уриб юборган велосипедчи воқеа жойида вафот этди (видео)

Самарқанд вилояти Булунғур туманида «Damas» уриб юборган велосипедчи воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Булунғур туманида «Damas» ҳайдовчиси ҳаракатланиб келаётган велосипедчини уриб юборган. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

«ЙТҲ содир бўлган йўлнинг 300 метр қисми жуда ҳам тор. Бунинг сабаби йўлнинг икки томонида ҳам аҳоли турар жой бинолари зич жойлашган. Йўл тунги ёритиш чироқлари билан жиҳозланмаган. Йўлнинг икки томонида тротуар мавжуд, аммо икки тарафи ҳам таъмирга муҳтож. Иккита ҳаракатланиш бўлаги сидирға чизиқ билан ажратилган. Лекин бу чизиқни ҳам янгилаш лозим», — дейди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Холжигит Умаров.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Марғилонда «Matiz» ҳайдовчиси уриб юборган пиёда ҳодиса жойида вафот этгани, Ромитанда «UzAuto Motors» автомашиналарини олиб кетаётган автотранспорт ЙТҲга учрагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар