Фарғонада 4-синф ўқувчиси бошқарувидаги «Damas» уриб юборган қиз воқеа жойида ҳалок бўлди
Фарғона вилояти Боғдод туманида 10 ноябрь куни 11 ёшли бола бошқарувидаги «Damas» уриб юборган 2 яшар қиз воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар берди.
Таъкидланишича, 10 ноябрь куни Бағдод туманида 11 ёшли И. отасига тегишли «Damas»ни миниб, маҳалладаги савдо дўконидан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишга чиққан вақтида 2 ёшли И.ни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида саросимага тушиб қолган 4-синф ўқувчиси воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда 2 ёшли қизга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли воқеа жойида вафот этган.
Бағдод тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори Аҳрор Жакбаровнинг маълум қилишича, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бешариқда «Lacetti» уриб юборган 8 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.