Самарқандда онаси намоз ўқиётган вақтда машинасини олиб қочган 14 ёшли бола ЙТҲ содир этиб, тенгдошини ўлдириб қўйди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 15 декабрь куни онаси намоз ўқиётган вақтда унинг машинасини ҳайдаб кетган 14 ёшли бола ЙТҲ содир этиб, тенгдошининг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/@yhxbb_uz

Хабарга кўра, ҳодиса 15 декабрь куни 23:30 да Оқдарё туманидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-37 автомобиль йўлининг 10-километрида содир бўлган. Маълум қилинишича, Бухоро—Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган, 14 ёшли бола бошқарувида бўлган «Тracker» йўл ўртасига ўрнатилган қайирилиб олиш жойи йўл белгисининг бетон тўсиғига урилган ва йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Таъкидланишича, ЙТҲ оқибатида ҳайдовчининг олдида бўлган фуқаро воқеа жойида вафот этган. ЙТҲнинг келиб чиқишига эса «Tracker» ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб келаётгани ва тажрибасизлиги сабаб бўлган.

«Ойим намоз ўқиётган пайтда мен машинани олиб чиқдим. Уйимдагиларнинг хабари йўқ эди. Дўстларимга телефон қилдим, улар чиқишди ва мен машинага миндирдим. Дўстим ўзининг жўрасини ҳам олиб келган экан, мен ‘у ҳам чиқаверсин’, дедим. Қайтаётганимизда йўлимда ‘Spark’ чиқиб қолди. У машинани айланиб ўтмоқчи бўлганимда тўсиққа уриб олдим. Қолгани эсимда йўқ», —  дейди айбдор.

Боланинг отаси эса ўғлига қонуний чора қўлланилишини сўраган:

«Менга телефон қилиб, онамнинг машинасини ҳайдасам майлими, деб сўради. Машинага яқинлашма дедим. Онаси намоз ўқиётганидан фойдаланиб, ҳайдаб чиқиб кетган. Қонунда нима чора бўлса, мен отаси сифатида розиман. Жавобини берсин. Уни оқламоқчи эмасман».

Аввалроқ Наманганда юк машинасига бориб урилган «Nexia»даги 6 киши ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда таъмирланаётган йўлда «Cobalt» ағдарилиб кетиб, ҳайдовчи ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Янгиликлар