Самарқандда тезликни оширган «Lаcetti» дарахтга урилиши оқибатида йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди — видео
Самарқанд шаҳри Гагарин кўчасида 5 декабрь куни тезликни оширган «Lаcetti» дарахтга урилиши оқибатида йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 5 декабрь куни соат 4:00 ларда Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси 2-оилавий поликнилика рўпарасида содир бўлган. «Lаcetti» ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириши сабабли йўлни икки томонга ажратиб турувчи бетон тўсиқ орасига экилган чинорга урилиб йўл транспорт ҳодисаси содир этган.
https://youtu.be/BcxU_qyaAJk
Мазкур ЙТҲ оқибатида йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган, ҳайдовчи эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан ободонлаштириш ҳамда мутассадди ташкилотлар ходимлари воқеа жойига келиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, автомашина 2010 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб 2019 йил Самарқанд ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг рўйҳатга олиш бўлими томонидан рўйҳатдан ўтказилган. 2020 йил 18 август куни техник кўрикдан ўтказилган, ЙТҲ содир бўлгунга қадар техник соз ҳолатда бўлган.
Aввалроқ Тошкентда дарахтга бориб урилган «Malibu» ёниб кетгани ҳамда Олмазорда «Spark» дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тойлоқда «Matiz» дарахтга урилиши оқибатида 1 киши вафот этгани ҳақда хабар берилган эди.