Сирдарёда болаларини каналга ташламоқчи бўлган аёл воқеа тафсилотларини гапириб берди

Сирдарё вилоятида аёл болаларини сувга оқизиб юбормоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ширин шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот бериб, аёл ва унинг болалари Тошкент вилояти Бекобод туманида истиқомат қилиши айтилганди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Тошкент вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, Бекобод тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Ёқутхон Мўминова аёлнинг уйида бўлиб, ҳолат юзасидан суҳбат ўтказган.

Дастлабки суҳбатлардан маълум бўлишича, аёл Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ободонлаштириш бошқармасида ишловчи турмуш ўртоғи телефонига жавоб бермагани учун жаҳли чиққани, рашк устида ножўя гапларни гапирганини айтган.

Онанинг сўзларига қараганда, у ва болалари Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри Фарҳод маҳалласига ўтадиган «Дўстлик» каналидан ўтиб бўлгач, Ширин шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилиб, видеога олинган.

Аёл алам устида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимларига кескин гапиргани, аммо, ҳеч қачон ўз фарзандларини сувга ташлаш нияти бўлмаганини, ўғлининг бош кийими эса бехосдан сувга тушиб кетганини айтмоқда.

Мазкур оила шу пайтгача тинч-тотув яшаб келган, оилада муқаддам нотинчлик кузатилмаган. Айни пайтда ҳолат вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Янгиқўрғонда аёл ер талашиб, ўзи ва 2 нафар фарзандини сувга ташлаб ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар