Янгиқўрғонда аёл ер талашиб, ўзи ва 2 нафар фарзандини сувга ташлаб ўлдирди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 26 октябрь куни аёл 2 нафар фарзандини сув омборига чўктириб, ўзини ҳам сувга ташлаб, жонига қасд қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда 26 октябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган «Эски ер» сув омборидан 3 кишининг жасади топилганлиги ҳақида хабарлар тарқалган.
Аниқланишича, 26 октябрь куни соат 17:00 ларда Янгиқўрғон тумани Навкент маҳалласида яшовчи аёл Н.Ғ. (1984 йилда туғилган, судланмаган, уй бекаси) шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғининг оиласига тегишли бўлган, 2 гектар тутзор учун ажратилган ер майдонининг 50 сотихини укасига бериб юборганлигидан норози бўлиб, бу ҳақида хат ёзиб қолдирган.
Шундан сўнг 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан тумандаги «Янгиқўрғон эски ер» сув омборига келиб, омборнинг бошланиш қисмига фарзандларини кетма-кетликда сувга ташлаб, уларни чўкиб ўлганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ўзини ҳам сувга ташлаб, жонига қасд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди.