Фарғонада ер майдонларини аукционга қўйиш тартиби соддалаштирилди

Фарғонада ер майдонларини аукционга қўйиш тартиби соддалаштирилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб бизнес ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари ҳудудларда фақат «E-ijro auksion» орқали тақдим этилиши белгиланди. Шу билан бирга, «Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизимида инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қонунчиликка мувофиқ, ер участкаларининг минимал қийматини белгилашда унга бўлган ҳуқуқнинг тури, жойлашган жойи, ер солиғининг йиллик миқдори, ерни танлаш материалларининг ҳаражатлари, коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарининг мавжудлигини инобатга олиб, очиқ савдога чиқариладиган ер участкаларининг минимал қиймати ҳар йили 10 июнь ва 10 декабргача вилоят ҳокими томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Ундан ташқари, турли ер кўрсаткичлари учун қонунчиликда мезонлар мавжуд эмаслиги маълум қилинди.

«Вилоят ҳокимлари томонидан очиқ савдога чиқариладиган ер участкаларининг минимал қийматини белгилашда ягона мезон ва механизм мавжуд эмаслиги сабабли ернинг бошланғич баҳосини белгилашда турли ёндашувларга йўл қўйилмоқда.

Хусусан, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ер участкаларининг (бир сотих) минимал қиймати фақатгина туман ва шаҳар кесимида белгиланган бўлса, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида ҳудуд марказидан узоқлиги, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ер участкаси майдонининг кенглиги, Фарғона вилоятида фаолият тури, Наманган вилоятида эса кўчалар кесими ҳам инобатга олинган.

Очиқ савдога чиқариладиган ер участкаларининг минимал қийматининг таркиби (суммани шакллантирадиган элементлар) фақат Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга муаммоларни бартараф этиш бўйича босқичма-босқич чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.

«Газ, электр ва сув таъминоти тармоқларига эга ҳудудларда, шунингдек, турли туманлар ва шаҳарларнинг ўртасида жойлашган ер майдонлари, тадбиркорлар учун жуда жозибадордир. Аммо шунга ўхшаган ер майдонлар кўпинча онлайн тизимга киритилмаган.

Бизнес-омбудсман томонидан Фарғона вилоятида олиб борилган ишлар натижасида юқоридаги характеристикаларга эга ер участкалари онлайн аукционга жойлаштирилиши, шунингдек, тадбиркорларга қулай худудда жойлашган ер майдонларини ҳарид қилиш учун имконият яратилди.

Мисол учун, “E-auksion” тизими орқали 338 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди ва икки ой мобайнида ер учаскаларининг очиқ савдога чиқарилиши ўтган беш ойга нисбатан 3 баробарга ошди.

Аукцион орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 117 та ер майдони сотилди ва икки ой мобайнида ўтган беш ойга нисбатан 3 баробарга ошди. Натижада сотилган ер майдонларида жами 198,7 миллиард сўмлик инвестиция киритилиши ва 675 та янги иш ўрини яратилиши кўзда тутилмоқда», — деб таъкидланади хабарда.

Маълумот учун, 1 сентябрдан Барча аукцион савдолари натижалари QR-кодни қўллаш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, «E-ijro auksion» тизимида қуйидаги тартиблар жорий қилинади:

  • аукционда шахсини идентификациялаш имконини берувчи мобил иловалар орқали иштирок этилади;
  • давлат мулкини ижарага бериш шартномалари электрон шаклда икки томонлама тузиш орқали расмийлаштирилади;
  • савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталог яратилади.

Аввалроқ Тошкентда бошланғич нархи 85 миллиард сўмдан ортиқ бўлган «Ўзбекэнерго» маъмурий биноси ауционга қўйилиши маълум қилинганди.