Жалақудуқда ота алимент пуллари ўрнига 2 нафар фарзандига уй совға қилди

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ота 2 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлови ўрнига уй совға қилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти Хўжаобод туманлараро судининг 2020 йил 11 августдаги ижро ҳужжатига асосан Жалақудуқ туманида яшовчи қарздор Х.Болтабоевдан ундирувчи Б.Мамасолиева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича қарздор Х.Турсуновдан алимент тўловлари ўз вақтида ундириб келинган.

Таъкидланишича, Х.Болтабоевнинг алимент тўловларидан қарзи мавжуд бўлмаган. Шундай бўлса-да, ундирувчи Б.Мамасолиева билан келишган ҳолда икки нафар фарзандларининг келажаги учун улар вояга етгунга қадар тўланадиган алимент пуллари ўрнига Жалақудуқ тумани, Ойим қишлоғида жойлашган намунавий хонадонини ундирувчига топширишини маълум қилган.

Шу тариқа собиқ турмуш ўртоқлар ўртасида келишув битими имзоланиб, ижро ҳужжати бўйича иш юритуви тамомланган.

Аввалроқ Пастдарғомда ота 40 миллион сўм алимент пулини олдиндан тўлаганини, МИБ Ангрен ва Нурафшонда қарздор оталардан алимент ундиргани хабар қилинган эди.