Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари сони 3 083 849 тани ташкил қилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари Aзиз Икромов Қонунчилик палатасининг 27 ноябрь кунги йиғилишида маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, айни пайтда мамлакат ҳудудида 42 869 километр узунликдаги йўллар мавжуд. Шундан халқаро аҳамиятдаги йўллар 3993 километр, давлат аҳамиятидаги йўллар 14 203 километр ва маҳаллий аҳамиятдаги йўллар 24 673 километрни ташкил қилади.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, энг кўп автотранспорт воситалари сони Тошкент шаҳри (487 507 та), Самарқанд вилояти (366 558 та) ҳамда Тошкент вилояти (299 801 та) ҳудудларига тўғри келмоқда.

Республикадаги йўл патрул хизмат масканларида давлат рақамини аниқловчи камералар 91 та, кузатув камералари 95 та, онлайн режимда ишловчи фоторадарлар 183 та, чорраҳалардаги қоидабузарликни аниқловчи камералар 386 та, кузатув камералари эса 1154 тани ташкил қилади. Шунингдек, тадбирда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш йўналиши бўйича ҳам батафсил ахборот берилган.

2020 йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан 182 010 та давлат рақами берилган. Шундан 157 274 таси умумий тартибда, 24 463 таси оширилган нархда — ауцион орқали ҳамда 273 таси харидоргир, яъни буюртма асосида берилган. Давлат бюджетига 2020 йилнинг 9 ойи давомида 196,7 миллиард сўм маблағ туширилган.

Шу билан бирга, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан январь–сентябрь ойлари давомида 27 116 та жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларига рухсатнома берилган. Шу вақт оралиғида 2 092 847 та транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилган. Шундан 600 700 таси техник ҳолати белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар фойдаланиш учун тақиқланган.

Aввалроқ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга қолдирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони маълум қилинган.

Янгиликлар