Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйгани тўғрисидаги хабарга расмий изоҳ берилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 26 ноябрь куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган «Россельхознадзор» томонидан Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир импортига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарга расмий изоҳ берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан биргаликда «Россельхознадзор» билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Россия томонига кўра, Фарғона вилоятидан помидорларнинг алоҳида партиясида томат мевасининг жигарранг тиришиқи вируси (ТоБРФВ) аниқланганлиги сабабли чекловлар жорий этилган.

Шу билан бирга, ТоБРФВ ўсимликлар вирусининг янги штамми бўлгани учун Ўзбекистон ҳудудида илгари аниқланмаган. ЕОИИ мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси биргаликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда шу каби вируслар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқмоқда.

Таъкидланишича, «Россельхознадзор» томонидан жорий этилган тақиқлар Ўзбекистоннинг барча ишлаб чиқарувчиларига нисбатан қўлланилмайди ва фақат Фарғона вилоятидан келтирилган маҳсулотларга тегишли ҳисобланади.

Шунингдек, Ўздавкарантин инспекцияси Россияда тақиққа учраган Ўзбекистон помидор ва булғор қалампир маҳсулотларини ўрганишни бошлаганини маълум қилган. Маълум бўлишича, бирламчи ўрганишлар давомида Фарғона вилоятидан юборилган булғор қалампир (4 килограмм) ва помидор (6 килограмм) маҳсулотларининг намуналарида «Россельхознадзор» лаборатория таҳлилларига кўра, Tomato brown rugose fruit virus вируси аниқланган.

«Мазкур хабардан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбарияти томонидан ‘Россельхознадзор’ раҳбарияти билан тезкор равишда онлайн музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасида мазкур тақиқни қисқа муддатларда ечиш мақсадида маҳсулотлар етиштирилган ҳудуддаги барча иссиқхона ва экин майдонларида ўсимликлар карантини назорати ўтказилиши ва мазкур касалликни ҳамкорликда ўрганишга келишилди», — деб таъкидлаган инспекция матбуот котиби Дурдона Очилова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар