Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйди

Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйди. Бунга сабаб ушбу маҳсулотларда жигарранг вирус (тобамовирус) аниқланган, деб хабар бермоқда «ТAСС».

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, «Россельхознадзор» ушбу вируснинг Россия ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида чекловлар киритган.

«Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 2020 йил 26 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампирни олиб киришга тақиқ қўйди. Ушбу чора помидор ва қалампир маҳсулотларида жигарранг доғли вирус (ТоБРФВ) топилганлиги муносабати билан қабул қилинди», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, тобамовируслар туркумига мансуб ТоБРФВ сабзавот экинларига зарар етказади, баргларга доғ туширади ва деформациясига олиб келади. Aгар юқтирилган мева саноат иссиқхонасига тушиб қолса, у ердаги барча ўсимликларнинг тўлиқ нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.

«Россельхознадзор» ушбу вирусларнинг зарарли эканлигини ҳисобга олиб, 2020 йил 27 июлдан бошлаб вақтинча карантинли фитосанитария чораси сифатида экспорт қилувчи мамлакатлардан Россияга келаётган помидор ва қалампир уруғлари, кўчатлари ва меваларида уларнинг йўқлигини таъминлаш талабини киритган. Талаб ушбу вируслар Европа Иттифоқининг карантин обектларининг ягона рўйхатига киритилгунга қадар амал қилади.

Янгиликлар