Ўзбекистонда зўравонликни тарғиб қилувчи маҳсулотни интернетда тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистонда порнографик маҳсулотни ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни интернетда тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Tez News»

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгатиришга кўра, эндиликда порнографик маҳсулотни ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган (илгари ушбу маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган эди).

Шунингдек, оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. Эндиликда:

  • туҳмат жиноятини содир этганлик учун (139-модда, 3-қисм) БҲМнинг 500 бараваригача (111 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримадан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган);
  • ҳақорат қилиш жиноятини содир этганлик учун (140-модда, 3-қисм) БҲМнинг 600 бараваригача  (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жаримадан 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди (илгари 1 йилгача  озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган).

Маълумот учун, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга доир: Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлар қамоққа олиниши мумкин

Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 11 ойда оиласида тазйиқ ва зўравонликка учраган қанча хотин-қиз «ҳимоя ордери» олгани ҳамда Ўзбекистонда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун мобиль илова ишга туширилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар