Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлар қамоққа олиниши мумкин

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 27 ноябрь куни эълон қилинди. Бунга асосан, Жиноят кодекси 202-модда билан тўлдирилади.

Фото: «Depositphotos»

Мазкур моддада ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Моддага асосан, ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ўша қилмишлар:

  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
  • оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникасия тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатган ҳолда содир этилган бўлса;
  • икки ёки ундан ортиқ ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса;
  • вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса;
  • Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинган.

Шунингдек, «Spark» ҳайдовчиси 30 октябрь куни эшакни машинага боғлаб, судраб кетаётгани тасвирланган видеодаги ҳолат тахминларга кўра Aндижонда юз бергани айтилан эди. Суриштирувлар натижасида мазкур ҳолат Тошкентда бўлгани аниқланган. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан баёнот берган.

Янгиликлар