Қозоғистонда ўтган бир суткада 165, Россияда эса 4711 кишида коронавирус аниқланди

Қозоғистонда 28 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 105 408 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 95 253 нафари тўлиқ соғайган, 1523 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 165 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Aлексей Цой Қозоғистон вакциналарни сотиб олиш бўйича 5 та давлат билан музокаралар олиб бораётганини айтганди. Шунингдек, вазир Қозоғистонга чет элда ишлаб чиқарилган вакцина нега кераклигини изоҳлаган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 28 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 43 587 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 37 492 нафари соғайиб, 1058 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 5778 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 128 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 2 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3116 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 28 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8449 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7246 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 68 нафари вафот этган. Ҳозирда 1135 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

Aввалроқ Тожикистон 30 август куни Душанбе—Минск ва Минск—Душанбе йўналишларида чартер рейс ташкил этиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу парвозлар Беларусь ва Украинада таҳсил олаётган тожикистонлик талабаларни ватанга қайтариш учун амалга оширилмоқда.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ ўқув йили бошлангунга қадар вилоятлик талабалар пойтахтга махсус поездларда қайтарилиши ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, тиббий маълумотномага эга бўлган талабалар вилоят марказларига йиғилади ва ички ишлар ходимлари ҳамроҳлигида автобусларда вокзалларга олиб борилади. Поездга чиқишдан олдин ҳар бир талабанинг тана ҳарорати ўлчанади.

Россия

Россияда 28 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 975 576 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 792 561 нафари соғайган, 16 814 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4711 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «РИA Новости»

Aввалроқ Россия Қурилиш вазирлиги пандемия шароитида қурилиш стандартлари ўрнатиш параметрларини ишлаб чиққани хабар қилинганди. Вазир ўринбосари Никита Стасишиннинг сўзларига кўра, янги ўрнатилган параметрлар стандартга мувофиқлиги сабабли «Роспотребнадзор»нинг барча талабларига жавоб беради.

Янгиликлар