Иштихонда ертўласида 1,5 кг марихуана сақлаган 58 ёшли эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Юғонтепа» маҳалласида ертўлада соф оғирлиги 1544,02 грамм марихуана сақлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Иштихон туман ИИБ ходимлари томонидан 26 октябрь куни «Қорадори-2020» тадбирининг 2-босқичи ўтказилган. Тадбирда «Юғонтепа» маҳалласида яшовчи 58 ёшли якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Қ.Ш.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Хонадон ертўласидан марихуана гиёҳвандлик моддасини сақланаётганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси далилий ашё сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими томонидан 26 октябрдаги маълумотига кўра, фуқаро Қ.Ш.нинг яшаш уйини кўздан кечиришда топилган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги гиёҳванд модда — «Тетрагидроканнабинол» мавжудлиги, унинг марихуана гиёҳвандлик моддаси турига кириши ва соф оғирлиги 1544,02 граммга тенглиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм марихуана, Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана, Бухоро шаҳрида эса ҳовлисида 2 туп каннабис етиштираётган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Учкўприкда уйида салкам 800 грамм марихуана сақлаган эркак қўлга олингани хабар қилинганди.

Янгиликлар