ХХI асрнинг энг яхши актёрлари — рейтинг

АҚШнинг «New York Times» нашри ХХI асрнинг энг яхши актёрларини саралаб олди.

Коллаж: «Tez News»

Рўйхатга кўра, америкалик актёр ва продюсер Дензел Вашингтон биринчи ўринда этироф этилган. Унга «Сент-Элсвер» фильмидаги роли машҳурлик олиб келган. Дензел «Оскар» мукофотини икки марта қўлга киритган иккинчи афроамерикалик ҳисобланади. Вашингтон бу мукофотни икки номинация бўйича — «Энг яхши актёр» ва «Ёрдамчи ролдаги энг яхши актёр» йўналишларида қўлга киритган.

Фото: «kinovalenok»

Иккинчи ўринни эса франциялик актриса Изабель Юппер эгаллади. У ўз ролларининг сони ва хилма-хиллиги учун юқори ўринга муносиб кўрилган. Изабель сўнгги 20 йил ичида 50 та кинода роль ўйнаган. Хусусан, «Грета», «Оқ материал» ва «Пианист» каби машҳур фильмларда роль ижро этган.

Фото: «Globallookpress»

Кучли учликни Даниел Дей-Льюис якунлаб берган. У «Оскар» мукофотининг «Энг яхши эркак актёр» йўналишини уч марта ютган ягона америка киноакадемияси вакили ҳисобланади. Дай-Льюис Жим Шеридан (ирландиялик драматург, сценарийнавис, кинорежиссёр ва продюсер)нинг фильмларидаги роллари билан дунёга машҳур бўлган.

Фото: «ivi»

Шунингдек, рейтингнинг кейинги ўринларида қуйидаги актёр ва актрисалар билан танишиш мумкин:

  • Кеану Ривз
  • Николь Кидман
  • Сонг Канг Ҳо
  • Тони Сервилло
  • Чжао Тао
  • Виола Девис
  • Сирша Ронан

Кўпгина тармоқ фойдаланувчилари ушбу рейтингга Жонни Депп, Анжелина Жоли ва бошқа актёрларнинг қўшилмагани туфайли рўйхат субъектив ва нохолис тузилганини таъкидлаган.

Аввалроқ Instagram’даги энг кўп обуначига эга ўзбек шоу-бизнеси юлдузлари рейтинги эълон қилинган эди. Унга кўра, хонанда Шаҳзода Instagram’даги ўзбек юлдузлари орасида 4,5 миллион обуначи билан энг юқори ўринда қайд этилган.