Эрон тоғларидан 12 нафар альпинистнинг жасади топилди

Эрон пойтахти Теҳрон шаҳри шимолидаги тоғларда қор бўрони натижасида ҳалок бўлган 12 альпинистнинг жасади топилди. Бу ҳақда 28 декабрь, душанба куни «Синхуа» Эрон полицияси ва қутқариш хизматидаги манбаларига асосланиб хабар берди.

Фото: Twitter

Айтилишича, альпинистлар 25 декабрь, жума куни Колакчал, Аҳар ва Даробод ҳудудларида тўсатдан юзага келган қор бўрони ва кўчкиларига дуч келган.

«Уч кунлик қидирув-қутқарув операцияларидан сўнг, якшанба куни, Теҳронда Қизил ярим ой халқаро гуманитар ҳаракати 14 кишини қутқарди ва 11 кишининг жасадини топди. Шундан сўнг қидирувни тўхтатди», дейилади хабарда. Худди шу куни Колакчал ҳудудидаги полиция офатнинг 12-қурбонини ҳам топганлигини маълум қилган.

Аввалроқ Эрондаги тоғларда бўлган қор бўрони туфайли саккиз альпинист ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Покистондаги қор кўчкиси пайтида беш киши ҳалок бўлган ва етти киши жароҳат олган эди. Бундан ташқари, Натиа Гали курортидаги қор кўчкиси натижасида 20 дан ортиқ киши бедарак йўқолган.

Янгиликлар