Европаликлар коронавирусга қарши эмланишдан қўрқмоқда

Европа мамлакатларининг кўплаб аҳолиси коронавирусга қарши эмлашга шубҳа билан қарамоқда. Бу ҳақда  27 декабрь, якшанба куни «Reuters» хабар берди.

Фото: «Accosiated Press»

Польшада ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда мамлакат аҳолисининг 40 фоизидан камроғи эмланишни режалаштирмоқда. Варшава шифохонаси ходимларининг фақат ярми унга рўйхатдан ўтган. Маълумот учун, мамлакатда аҳолини эмлаш ишлари бошлаб юборилган.

Болгарияда аҳолининг 45 фоизи эмланмасликларини айтган. Яна 40 фоиз аҳоли салбий ножўя таъсирларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун кутишни маъқул кўрмоқда. Alpha Research томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, болгарларнинг ҳар бештасидан бири ўз ихтиёри билан эмланишни режалаштирмоқда.

Швецияда, бошқа Шимолий мамлакатларда бўлгани каби, аҳолининг расмийларга ишончи юқори бўлганлиги сабаб ҳар уч кишидан иккитаси вакцина олишни хоҳламоқда. Бироқ баъзилар берилган саволларга «йўқ» деб жавоб берган.

Европаликларнинг фикрига кўра, эмлаш бўйича ишлар бир йилдан кўпроқ давом этиши керак.

«Reuters»нинг эслатишича, 15 мамлакатда ўтказилган IPSOS сўрови натижаларига кўра (5 ноябрь куни эълон қилинган) французларнинг 54 фоизи COVID-19’га қарши эмланмоқчи. Бу кўрсаткич Италия ва Испанияда 64 фоиз, Буюк Британияда 79 фоиз ва Хитойда 87 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи мамлакатлари бўйлаб эмлаш ишлари 27, 28 ва 29 декабрь кунлари бошланиши айтилган. Франция, Португалия, Германия, Италия, Венгрия, Австрия ва Испания эмлашни биринчи бўлиб бошлаб берган.

Аввалроқ Буюк Британияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошлангани ҳақда хабар қилинган эди.