Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатларида энг кўп қайси сўзларни ишлатгани маълум бўлди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари охирги 3 йилда қилинган парламентга мурожаатларнинг лингвистик ва контент таҳлилини ўтказиб, уларни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмасини тузди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти ўз мурожаатларида одатда ўтган йилни сарҳисоб қилади ва яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтади.

Экспертлар томонидан қилинган  матнлар таҳлили натижасида қуйидагилар аниқланган:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги мурожатномасида жами 4004 хил сўздан фойдаланилган бўлиб, давлат раҳбари энг кўп «халқ», «тадбиркор», ва «юрт» сўзларидан фойдаланган.

1-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси

Маълумот учун, марказ ҳодимлари томонидан сўнгги 3 йилдаги мурожаатларда энг кўп ишлатилган 40 та сўз таҳлил қилинди. Бунда сўзлар таҳлил қилинаётган матн ичида қанча кўп ишлатилган бўлса, тасвирда шунча катта кўринади.

2017 йилдаги мурожаатда «Халқ» сўзидан 52 маротаба фойдаланилган бўлса, «тадбиркор»лик соҳасига 39 маротаба урғу берилган. Шунингдек, «юрт» ва унга боғлиқ сўз атамаларига 32 маротаба мурожаат қилинган.

Хусусан, «Тадбиркор» сўзи «кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик», «тадбиркорлар ва инвесторлар», «тадбиркорларга рухсат берувчи хужжатларни расмийлаштириш», «тадбиркорлар хуқуқларини химоя қилиш» каби контекстларда фойдаланилган.

2-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, мурожааатномада 50 фоиз урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган бўлса, 23 фоиз давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга таалуқли масалалар умумий мурожатноманинг 11 фоизини, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 8 фоизини ташкил этган.

3-расм. 2017 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга мурожатномасида жами 2860 турдаги сўзлардан фойдаланилган бўлиб, улар орасида «ислоҳот», «инвестиция» ва «иқтисодиёт» сўзларига энг кўп мурожаат қилинган.

4-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси

Хусусан, мазкур йилдаги мурожаатда «иқтисодиёт» (35 маротаба) «инвестиция» (26 маротаба) ва «ислоҳат» (24 маротаба) сўзларига катта урғу берилган.

Бундан ташқари давлат раҳбари «таълим»га оид сўзларни 22 маротаба, «банк» ва «ижтимоий» сўзига оид сўзларни эса 18 маротаба талаффуз қилган.

2018 йилдаги мурожаатномада «иқтисодиёт» сўзи кўп ҳолларда «яширин иқтисодиёт», «рақамли иқтисодиёт», «иқтисодиёт барқарорлиги», «иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш» каби контекстларда акс эттирилган.

5-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2018 йилдаги мурожааатда 50% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига, 20% давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга йўналтирилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга таалуқли масалалар умумий мурожаатноманинг 15 фоизини, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 7,5 фоизини ташкил этган.

6-расм. 2018 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти

Давлат раҳбарининг 2019 йилдаги мурожаати жами 3450 турдаги сўзлардан тузилган бўлиб, энг кўп фойдаланилган сўзлар «тадбиркор», «ижтимоий» ва «илм» сўзлари ҳисобланади.

7-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Хозирга қадар қилинган сўнгги мурожаатномада «тадбиркор»ликка оид сўзларга 32 маротаба урғу берилган бўлса, «ижтимоий» масалалар ва «илм» йўналишлари 24 маротаба таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, «таълим», «суд хокимияти», «ислоҳат», «халқ ва жамият» ва «хорижий» сўзларидан ҳам кўп қўлланилган.

Хусусан, «ижтимоий» сўзи асосан «аҳолининг ижтимоий ҳимояси», «ижтимоий ёрдам», «ижтимоий сиёсат» ва «ижтимоий муаммоларни ҳал этиш» каби контекстларда намоён бўлган.

8-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, мазкур мурожаатда 56 фоиз урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига, 13 фоиз давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга талуқли масалалар, умумий мурожатноманинг 19 фоиз, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 6 фоизини ташкил этган.

9-расм. 2019 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти

Сўнгги уч йилда қилинган мурожаатларнинг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ҳалқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳар йилги мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Хусусан, ижтимоий соҳага бўлган урғу йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Мазкур соҳага оид сўзлар 2017 йилдаги нутқнинг 11 фоизга тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилга келиб 19 фоизга етган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатномаси 29 декабрь куни соат 11:00 да бошланиши маълум қилинганди. Президент мурожаатномасини 15 та телеканал орқали жонли эфирда узатилади.

Янгиликлар