Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини 15 та телеканал жонли эфирда узатади

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатномаси 29 декабрь куни соат 11:00 да бошланади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бу галги мурожаатномада 2020 йилда эришилган натижалар, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар айтиб ўтилади. 2021 йилга ном берилиб, Ўзбекистонни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланади.

Давлат раҳбари бу гал ҳам кўплаб таклифларни билдириши кутилмоқда. Ушбу анжуман Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Мурожаатнома 15 та телеканалда жонли эфирда, Президентнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида онлайн ёритиб борилади.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси — мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Шу боис халқимиз уни катта қизиқиш билан кутади», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида тақдирланган фуқароларга мукофотларни топширгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолагани хабар қилинган.

Янгиликлар