Туркияда 11 нафар ўзбек аёлини ўлдириш билан қўрқитиб, фоҳишаликка мажбурлаган гуруҳ ушланди — видео

Туркиянинг Коня вилояти полицияси тезкор гуруҳи ходимлари 2,5 ойлик кузатувлар ортидан хорижлик аёллар орқали интим хизматлар таклиф қилиш билан шуғулланган 5 нафар шахсни қўлга олди. Бу ҳақда «Hürriyet» хабар берди.

Фото: «Hürriyet»

Маълум бўлишича, аниқланган манзилларда 2 тўппонча ва наркотик моддалари ҳам топилган. Тезкор тадбир давомида 4 нафар турк фуқароси ва 24 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ш.И. қўлга олинган.

Фоҳишалик қилишга мажбурланган аёллар орасида бир нафар турк ва 11 нафар ўзбек аёли бор. Полицияда кўрсатма берган аёллар гуруҳ аъзолари уларни ўлдириш билан қўрқитишганини таъкидлаган.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзоси Ш.И. ўзбекистонлик аёлларга иш топиб беришни ваъда қилиб, уларни ўзига қарздор қилиб, паспортларини олиб қўйган ва фоҳишалик қилишга мажбурлаган.

Айни пайтда ўзбек аёлларини ватанга қайтариш учун Конядаги Миграция бўлими тегишли ишларни амалга оширмоқда.  5 кишилик жиноий гуруҳга нисбатан қатор айбловлар қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Ўзбекистонлик аёлларни Истанбулда фоҳишалик қилишга мажбурлаган гуруҳ қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Рейд давомида жиноий гуруҳнинг бошқарувчиларидан иборат 16 гумондор, фоҳишалик қилишга мажбур қилинган 17 нафар аёл ва 9 нафар мижоз, жами 42 киши қўлга олинган. Операция ўтказилган манзилларда 63 минг лира (84 миллион сўм) ва гиёҳванд моддалари топилган.

Аввалроқ Самарқандда 12 нафар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган аёл қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда аёлларни хорижга фоҳишаликка юборган 22 яшар йигит, Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олингани маълум бўлганди.