Тўрақўрғонда ХТБ бўлими мудири ва директорлари порахўрлиги айтилган хабарларга муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда «Тўрақўрғон тумани ХТБ бўлими мудири ва директорлари порахўр» мазмунида тарқалган хабар бўйича Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, материалда Тўрақўрғон тумани халқ таълими тизими бўйича танқидий фикрлар, халқ таълими бўлими соҳасида порахўрлик ва коррупция авж олиб кетгани, адолатсизликлар мавжудлиги баён этилган.

Хабарга кўра, ушбу материалда келтирилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганишлар жараёнида хабарда келтирилган важлар асоссизлиги аниқланган.

«Шу асосда таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур чиқишларда муаллифнинг шахси аниқ бўлса ёки ҳеч бўлмаса, танқид объекти очиқланиб, камчилик ва муаммолар, салбий ҳолатлар, қонунга зид вазиятлар қайси бир муассаса, қайси бир мактабда мавжуд эканлиги аниқ баён этилса, айни муддао бўларди. Бу вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан масалага эътибор қаратган ҳолда ўрганилиб, қайд этилган камчилик ва муаммолар тасдиғини топса, бартараф этиш имконини беради.

Вилоят халқ таълими бошқармаси оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги аниқ, асосли ва манзилли чиқишларда баён этилган маълумотларни эътиборда четда қолдирмасдан ўрганиб, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чорасини кўриб боради», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Нарпайдаги 12-мактаб ўқитувчилари директорнинг хатти-ҳаракатидан норозилиги акс этган видеомурожаатга муносабат билдирилганди. Шунингдек, Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси мактаб таъмири муассаса раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳисобидан амалга оширилиши учун ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилганди. Ундан ташқари, Жондордаги 21-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарга расмий муносабат билдирилди.