Андрей Сафронюк: «Global Innovation Index маълумотларини Orient Group корхоналари статистикаси тасдиқлайди»

29 сентябр куни Global Innovation Index 2022 рейтинги эълон қилинди, унга кўра Ўзбекистон бирданига 4 поғонага кўтарилиб, 132 давлат орасида 82-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, бир қатор асосий кўрсаткичлар бўйича республика жаҳоннинг кучли ўнталигига кирди. Бу, биринчи навбатда, иқтисодий ривожланишга тааллуқлидир: ялпи капитал шаклланиши бўйича Ўзбекистон жаҳон рейтингида 6-ўринни, меҳнат унумдорлигининг ўсиши бўйича эса 7-ўринни эгаллади.

«Биз, бизнес вакиллари учун нафақат мутлақ кўрсаткичларда иқтисодий ўсиш, балки энг нуфузли халқаро рейтингларда мавжуд бўлган сифат кўрсаткичлари ҳам жуда муҳим. Global Innovation Index Халқаро валюта  жамғармаси ва Жаҳон банки маълумотларига асосланади, яъни у инвесторлар учун ҳақиқий мезон бўлиб хизмат қилади. «Ориент Гроуп» бир қанча йирик саноат корхоналарини ўз ичига олади, ўша меҳнат унумдорлиги биз учун асосий кўрсаткич бўлиб, бу ерда тараққиёт ҳақиқатдан ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бу Ўзбекистон учун трендга айланиб бораётганини билиш ёқимли», — дея воқеани шарҳлади Orient Group Management бош директори Андрей Сафронюк.

Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегиясига кўра, 2026 йилга бориб Ўзбекистон Global Innovation Index бўйича 56 етакчи давлатдан бирига айланиши керак.

Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов: «2022- йилги ҳисобот «Инновацион ривожланиш келажаги» мавзусига бағишланган бўлиб, бу биз учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки республикада амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгартиришлар жамиятни келажакда ривожлантиришга қаратилган. Бир қатор кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон нафақат макроминтақа, балки жаҳон миқёсида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Мисол тариқасида фан ва муҳандислик йўналишларидаги битирувчилар сонининг динамикасини келтириш мумкин, биз ҳайратланарли тарзда дунёда олтинчи бўлдик. Бундай мисоллар кўп ва биз уларнинг янада кўп бўлишини таъминлашга ҳаракат қилишни режалаштирмоқдамиз».

Global Innovation Index АҚШнинг Корнел университети, Франциянинг INSEAD бизнес мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тадқиқотдир. У 81 кўрсаткичдан иборат бўлиб, иқтисодий ривожланишнинг турли даражаларида жойлашган мамлакатларнинг инновацион ривожланишини тавсифлайди. Рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2019 йилнинг 19 декабрида қабул қилинган Барқарор ривожланиш учун фан ва технологиялар бўйича резолюцияда қайд этилган.

Янгиликлар