Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатномасида энг кўп қайси сўзларни ишлатгани маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни соат 11:00 да Олий Мажлисга Мурожаатномасини бошлади. Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази экспертлари томонидан Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги охирги мурожаати бўйича лингвистик ва контент таҳлил амалга оширилиб, нутқни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмаси тузилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ўз мурожатномасида жами 3576 хил сўздан фойдаланган. Фойдаланилган сўзларнинг энг узуни 19 та ҳарф ва ўртача 8 та ҳарфни ташкил қилади. Президент нутқида энг кўп эътибор қаратган йўналиш – бу «ёшлар», «таълим», ва «пандемия» бўлган.

1-расм. Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Мурожаатда «ёшлар» масалаларига 44 маротаба, «таълим» масалаларига 32 маротаба урғу берилган. Шунингдек, «пандемия» ва унга боғлиқ масалалар мурожаатнинг 25 жойида тилга олинган.

Хусусан, «ёшлар» сўзи «ёшларга алоҳида эътибор кўрсатиш», «ёшлар ҳуқуқлари», «турли ёш категориясидаги ёшлар», «ногиронлиги бўлган ёшлар» каби контекстларда фойдаланилган

2-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

«Таълим» сўзи «таълим сифатини тубдан яхшилаш», «уйда таълим бериш тизимини яратиш», «пандемия» сўзи эса «глобал пандемия хавфининг узоқ сақланиб қолиши», «пандемия даврида орттирилган тажриба» ва «пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш» каби контекстларда фойдаланилган.

3-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

4-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Мурожаатномада 41 фоиз урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган бўлса, 28 фоиз ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга таалуқли масалалар умумий Мурожатноманинг 15 фоиз, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш каби масалалар эса умумий нутқнинг 10 фоизини ташкил этган.

5-расм. Мурожаатноманинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Шавкат Мирзиёевнинг нутқи 41 соҳа бўйича турли мавзуларни қамраб олган. Улар орасида энг кўп урғу берилган йўналишларнинг учлиги — аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш (умумий нутқнинг 7 фоизи), соғлиқни сақлаш (умумий нутқнинг 7 фоизи) ва инфратузилма (умумий нутқнинг 6 фоизи) соҳалари ҳисобланади. Улушига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш, олий таълим, тадбиркорлик ва ташқи сиёсат соҳалари мос равишда ҳар бири 5 %лик қамров билан топ еттиликни бўлишиб турибди.

6-расм. Мурожаатноманинг соҳалар бўйича тақсимоти.

Сўнгги йилларда қилинган 4 мурожаатнинг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, ҳалқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалари ҳар йилги Мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Хусусан, ижтимоий соҳага бўлган урғу йилдан йилга кучайиб бормоқда. Мазкур соҳага оид сўзлар 2017 йилдаги нутқнинг 11 фоиз тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 28 фоизга етган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатларида энг кўп қайси сўзларни ишлатгани маълум бўлганди. Қайд этилишича, Президент ўз мурожаатларида одатда ўтган йилни сарҳисоб қилади ва яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтади.

Янгиликлар