Бухорода бир қатор тиббиёт ходимлари ва тадбиркорлар «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони билан тақдирланди
Бухорода бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида 30 сентябрь, чоршанба куни тиббиёт ходимлари, саховатпеша фуқаролар, шунингдек, кўнгилли бухороликларнинг 48 нафари «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров барча тақдирланганларни ушбу мукофот билан самимий қутлаб, кўкрак нишонларини топширган.
Ушбу тақдирлаш Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 26 майдаги «‘Меҳр-саховат’ кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра амалга оширилди. Фармонга кўра, мураккаб вазиятда халқ, фуқаролар тақдирига бефарқ бўлмай, ўзининг хайрли саховатлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотланиши белгиланган.
Аввалроқ Самарқанд туманида 22 нафар фуқаро, Самарқанд шаҳрида 43 нафар тадбиркор «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирлангани хабар қилинган эди.