Асака туман юқумли касалликлар шифохонасида беморларни қабул қилиш учун ўрин йўқлиги айтилган хабар рад этилди

Андижон вилояти Асака туман тиббиёт бирлашмаси 30 октябрь куни тумандаги юқумли касалликлар шифохонасида беморларни қабул қилиш учун ўрин йўқлиги танқид қилинган хабарга муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Хабарда айтилишича, Асака туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги юқумли касалликлар шифохонасида 24 сентябрь куни COVID-19 билан касалланган ва касаллиги тасдиқланмаган, аммо клиник белгилари мавжуд бўлган беморлар учун 100 ўринли бўлим ташкил қилинган.

«Ушбу бўлимда 21 та кислород ўринлари ва 40 та кислород баллони мавжуд эди. Бундан ташқари, 10 та СИПАП аппарати, 1 дона ИВЛ аппарати, 1 дона УТТ аппарати, 1 дона портатив рентген аппарати хамда 44 дона кислород концентраторлари мавжуд эди», дейилади бирлашманинг муносабатида.

Таъкидланишича, 26 октябрь кунига қадар 580 нафар коронавирус инфекциясига гумондор беморлар махсус шифохонага ётқизилган. Шундан 493 нафарида саломатликлари қайта тикланиб, яшаш хонадонларига рухсат берилган. Шунингдек, муносабатда мурожаат даврида шифохонада 87 нафар бемор даво муолажаларини олаётгани билдирилган. Бунга қўшимча, COVID-19 билан касалланган ва касаллиги тасдиқланмаган, аммо клиник белгилари мавжуд бўлган беморлар учун ташкил этилган шифохонада 58 турдаги жами 554 035 700 сўмлик дори-дармон захираси ташкил этилган.

Хабар сўнгида ушбу шифохонада даволанаётган беморлар учун уларнинг яқинларига ҳеч қандай дори-дармон воситаси ёзиб бериш, вилоят марказидаги махсус шифохоналар билан вилоят штаби орқали доимий мулоқот борлиги учун даво ўринлари етишмаслиги кузатилмагани маълум қилинган. Шунингдек, 27 октябрь кунидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 309-сонли буйруғига асосан шифохона умумий асосда ўз фаолиятини қайта давом эттиришга ўтказишга тайёргарлик тадбирлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Булоқбошида тиббиёт бирлашмаси диспетчерларига 2 ойдан бери маош тўланмаётгани ҳақидаги хабар рад этилгани ҳақда хабар қилинган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида коронавирус тарқалишининг чўққи нуқтасидан ўтгани таъкидланган эди.

Янгиликлар