«Ўзбекнефьтгаз» раҳбари Чиноз нефть базасидаги ёнғин нега 8 соат давом этганига изоҳ берди

«Ўзбекнефтьгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги залида 30 ноябрь, душанба куни бўлиб ўтган брифингда Чиноз нефть базасидаги ёнғин нега 8 соат давом этганига изоҳ берди.

Кадр: Telegram

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Пахта нефть базаси»да 26 ноябрь куни 5 минг тонна сиғимли ёнилғи цистернаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, 26 ноябрь куни соат 11:56 да нефтьбазадаги 5 минг тоннали цистерна ёниб кетган.

Бир неча дақиқада ёнғин содир бўлган жойга Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 14 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ушбу ёнғин бўйича қўшимча маълумот берган.

Меҳриддин Абдуллаевнинг айтишича, Чиноздаги ёнғин меҳнат хавфсизлигига риоя этилмагани учун содир бўлган. Шунингдек, ёнган идишда юз тоннага яқин маҳсулот бўлган.

«Биз ёнган маҳсулотни ўчиришга эмас, унинг атрофидаги идишларни қўриқлашга ҳаракат қилдик. Чунки базада 40 минг тоннагача маҳсулот бор эди, ёнаётган маҳсулотни бошқасига кўчириб ўтказишнинг имкони йўқ эди.

Ўт ўчирувчилар ўт ўчириш билан эмас, атрофидаги идишларни қўриқлагани учун ҳам ёнғин 8 соатга чўзилиб кетган. Ёнғинда 6 киши жароҳат олган эди. Уларнинг ҳаммасининг аҳволи яхши, уйида даволаняпти», — деди Меҳриддин Абдуллаев.

Аввалроқ Янгийўлдаги хонадонда юз берган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижондаги ошхонада ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар