Чиноздаги «Пахта нефть базаси»да содир бўлган ёнғин тафсилотлари эълон қилинди
Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Пахта нефть базаси»да 5 минг тонна сиғимли ёнилғи цистернаси ёниб кетгани ҳақида хабар қилинганди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса жойига энергетика вазири Алишер Султонов ҳам етиб борган. Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ушбу ёнғин бўйича қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, 26 ноябрь куни соат 11:31 да Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган «Пахта нефт сақлаш» МЧЖ омборхонаси ҳудудидаги 5 минг тонна сиғимли ёқилғи резервуарида ёнғин келиб чиққан. Унда тахминан 120 тонна енгил алангаланувчи суюқ ёқилғи бўлган. Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун воқеа жойига ФВВ нинг 35 та махсус техникаси ҳамда 130 нафар ходимлари жалб этилган. Ёнғин соат 14:19да ўраб олиниб, 18:15да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар, Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч ва воситалари жалб этилган. Айни вақтда, воқеанинг келиб чиқиш сабаби бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Махсус насослар орқали суриб олиш ишлари бажарилаётганда чиққан учқун ушбу ёнғинга сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда ва асл сабаблар ўрганилмоқда. Таъкидлаш керакки, айни дақиқаларда ёнғин бартараф этилди. Ушбу ёнғинни бартараф этиш учун Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари сафарбар қилинган. Ушбу ёнғин натижасида жароҳатланган ёки жабрланганлар йўқ», — дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Aввалроқ Самарқанд шаҳридаги консерва заводи омбори ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ёниб кетгани хабар қилинган. Кейинчалик Сергелида «Isuzu» ва «Matiz» тўқнашиб, иккиси ҳам ёниб кетгани ҳамда Жиззахда юк автомашинаси ёнгани хабар қилинган эди.