Марҳамат туманида карантин даврида 482 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди
Андижон вилояти Марҳамат тумани Давлат хизматлари маркази томонидан фуқароларга карантин даврида 11 мингдан ортиқ хизмат тақдим этилди. Бу ҳақда ДХА Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Марҳамат тумани давлат хизматлари маркази директори Фахриддин Комилжонов карантин эълон қилинган кундан бошлаб, бугунги кунга қадар марказга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан 11 минг 298 та ариза келиб тушганини маълум қилган. Қайд этилишича, мурожаатларнинг асосий қисмини СТИР олиш ва аниқлаш, кадастр паспортини шакллантириш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш учун ариза бериш, судланмаганлик тўғрисида, пенсия ҳақида маълумотномаларни олиш каби хизматлар ташкил этмоқда.
Шунингдек, карантин даврида 482 та янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 294 таси якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев Марҳамат туманида бўлиб, ушбу марказда аҳолига яратилаётган қулайликлар билан танишган. Учрашув мобайнида бошқарма бошлиғи марказ ходимларини карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган.
Аввалроқ Попда «Найман» маҳалласидаги 3 мингдан ортиқ аҳолининг 18 нафаригина тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгани хабар қилинган эди.