Ўзбекистонда 8 та чиқинди ёқиш заводи қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Юртимизда йилига 14 миллион тонна чиқиндилар ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига цингади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин. Шу мақсадда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик инвестицияларни жалб этган ҳолда, 8 та чиқинди ёқиш заводи қуриш ҳамда Оҳангарон полигонида чиқинди газини қайта ишлаш режалаштирилган.

Лойиҳалар натижасида қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш таъминланади. Йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқинди ёқилиб, 2 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳалар 2025-2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган.

Қарорлар