Энди ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллига кўра бошқа олийгоҳга кириши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, ушбу соҳадаги мавжуд камчиликларни танқид қилди.

Йиғилишда олийгоҳлар тайёрлаётган кадрлар билан иш берувчиларнинг талаби ўртасида фарқ катта экани кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, енгил саноатнинг ўзида 4 минг нафар олий тоифали кадрларга эҳтиёж борлиги қайд этилди.

Аниқланишича, мамлакатда йилига ўртача 2,5 минг талаба битиргани билан, улар корхоналардаги замонавий ускуналарда ишлашни билмагани учун 42 фоизи ишга жойлаша олмаяпти. Оқибатда тадбиркорлар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлишмоқда.

Шу боис давлат раҳбари ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилди.

Бу йилги 231 минг олийгоҳ битирувчисидан 125 минги иш топди, деб ҳисобот берилаётгани билан ишли бўлганларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.

Ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда. Лекин, тўрт йил олийгоҳда ўқиб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд, — деди президент.

Президент ҳозирда банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Унга кўра, 20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафар битирувчини 10 мингга яқин корхонадаги стаж талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаштириш мумкин.

Шунигдек президентимиз яна бир ташаббусни илгари сурди:

Эндиликда абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади, — дейилади хабарда.

Бу давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида рақобатнинг ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди.

 

 

 

Ўзбекистон