Тошкентда фирибгарликда айбланиб адвокат ва юрист ушланди
Тошкентда фирибгарлик ва пора бериш жиноятларида айбланиб, адвокат ва юрист ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати 1999 йилда туғилган шахсга нисбатан 2024 йилда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман ининг ҳукми билан тайинланган 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўйича ҳозирда шаҳар судининг кассация инстанциясида кўрилаётган шикоятни мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган.
Хусусан, у тайинланган жазони 4 йилга камайтириб бериш эвазига, ҳар бир йил учун 5 минг доллардан, жами 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган, Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг юристи ҳам адвокатдан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида банк юристи прокуратура органларидаги қариндоши орқали ёрдам бермоқчи бўлгани аниқланиб, ҳозирда бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳолат юзасидан адвокат ҳамда юристга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддасининг (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддасининг (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.